Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан бошлайман. (Аллоҳ таоло ўз китобини "бисмиллаҳ" билан бошлагани мусулмонларга ҳам ўрнак, улар ҳам доим ўз сўзларини ва ишларини "бисмиллаҳ" билан бошламоқлари лозим. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларидан бирида: "Эътиборли ҳар бир иш "бисмиллаҳ" билан бошланмас экан, унинг охири кесикдир", деганлар. Яъни, баракаси бўлмайди, охирига етмайди.)
Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин. (Оламларни яратгани учун ҳам, уларнинг тарбиячиси бўлгани учун ҳам, улардаги барча жонзотларга ҳаёт, ризқи рўз бергани учун ҳам Аллоҳ барча ҳамду саноларга сазовордир.)
У Роҳман ва Раҳийм... (Барчага-кофирга ҳам, мўъминга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчи. "Роҳман" сифати фақат Аллоҳга хос бўлиб, ундан бошқа ҳеч кимга нисбатан бу сифатни ишлатиб бўлмайди. "Раҳийм" сифати, хосроқ бўлиб, фақат мўъминларга қиёмат куни раҳм қилувчи маъносини англатади ва Аллоҳдан ўзгаларга, жумладан, Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан ҳам ишлатилади.)
У қиёмат кунининг подшоҳи, эгаси. ("Дин" сўзи арабчада ҳисоб, жазо, мукофот маъноларини билдиради. "Явмид дин"-қиёмат кунида бандалар қайта тирилтирилиб ҳисоб-китоб қилинади. Яхшига мукофот, ёмонга жазо берилади. Бу оятни ўқиганда қиёматни эслаб, ўша даҳшатли кунда фақат Аллоҳнинг ўзи ҳукм чиқаришини, ўша ерда уялиб қолмасликни эслаб, унга тайёргарлик кўришга аҳд қилинади.)